Туркия Республикаси Буюк Миллат мажлиси Хавфсизлик ва разведка комиссияси раиси Вейсал Типиўғлу бошчилигидаги делегация Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрди
2026-06-09 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Туркия ўртасида парламентлараро алоқалар йиғилиши доирасида Туркия Республикаси Буюк Миллат мажлиси Хавфсизлик ва разведка комиссияси раиси Вейсал Типиўғлу бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар бугун Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларни Ички ишлар вазири ўринбосари Д.Саттаров кутиб олиб, уларни Вазирлик фаолияти ҳамда сўнгги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Учрашувда томонлар уюшган трансмиллий жиноятчилик, хусусан, терроризм, экстремизм, кибержиноятлар, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Ахборот технологияларининг ривожланиб бориши жараёнида жиноятларни содир этиш усуллар трансформацияга учраб, уларнинг аксарияти Интернет маконига ўтаётганлиги, бу борада биргаликда ҳаракат қилиш ҳамда энг сўнгги янгиликлар ва тажрибалар билан доимий алмашиб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид истиқболли вазифаларни режалаштирдилар.



