Болаларга беринг дунёни! Эътибордан яйраган қалблар
2026-06-09 23:00:00 / Янгиликлар

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги ташаббуси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида саратон ва оққон касалликларидан даволанаётган болалар, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган ходимларнинг фарзандлари учун «Болажонлар сайли» ташкил этилди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган тадбирда 50 нафарга яқин болалар иштирок этди. Улар учун мазмунли дам олиш ва кўнгилочар дастурлар ташкил қилинди.
Тадбирда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул раҳбарлари, профессионал боксчи Исроил Мадримов ҳамда «Сен кучлисан»нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Маржона Нурмуҳаммедова иштирок этди.
Дастур доирасида болажонлар Бўстонлиқ туманидаги «Чиноркент» дам олиш маскани, «Оқтош» болалар оромгоҳи ҳамда Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлиб, улар учун турли кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ташкил этилди.
Шунингдек, болалар учун махсус техникалар кўргазмаси, кўргазмали чиқишлар ҳамда ижодий учрашувлар ўтказилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир болажонларнинг қалбида унутилмас таассурот қолдиргани шубҳасиз.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ходимларнинг фарзандлари учун «Оқтош» болалар соғломлаштириш оромгоҳида маданий ҳордиқ ва спорт тадбирлари ҳам ташкил этилди.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов.
