Интерпол Бош котибияти экспертлари BOMCA 11 лойиҳаси доирасида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросига ташриф буюрди
2026-06-08 19:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 1-3 июнь кунлари Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган BOMCA 11 лойиҳаси доирасида Интерпол Халқаро жиноий полиция ташкилоти Бош котибияти экспертларининг Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол Миллий марказий бюросига танишув ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари вакиллари иштирокида тезкор ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда Интерполнинг I-24/7 ахборот ресурслари ва коммуникация тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали халқаро полиция ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари бўйича бир қатор ишчи учрашувлар ўтказилди.
Ахборот-технология инфратузилмасини модернизация қилиш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг Интерпол воситалари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф дастури доирасида Марказий Осиё давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ва чегара хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган BOMCA 11 лойиҳасини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди.
Ўтказилган учрашувлар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаб, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни режалаштирдилар.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси

