“Жасорат учқунлари” мусобақасининг Республика босқичи ғолиблари аниқланди
2026-06-08 10:55:00 / Янгиликлар

“Жасорат учқунлари” мусобақасининг Республика босқичи якунланди.
Қарши шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасининг Республика босқичи тантанали равишда якунланди. Мусобақанинг ёпилиш ва тақдирлаш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари, Қашқадарё вилояти ҳокими, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада Республикамизнинг барча ҳудудларидан сараланган жамоалар ўзаро куч синашдилар.
Якуний натижаларга кўра, фахрли I ўринни Хоразм вилоятининг “Жалолиддин Мангуберди” жамоаси қўлга киритди.
Фахрли II ўрин Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7533 ҳарбий қисмга бириктирилган Қашқадарё вилоятининг “Буюк Темур авлодлари” жамоасига насиб этди.
III ўринни эса Тошкент шаҳрининг “Барлослар” жамоаси эгаллади. Ушбу жамоа Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7531 ҳарбий қисмга бириктирилган.
Шунингдек, мусобақа давомида турли йўналишларда юқори натижаларни қайд этган жамоалар махсус номинациялар билан тақдирланди. Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, уларни тайёрлаган устоз-мураббийлар дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
“Жасорат учқунлари” мусобақаси ёшларнинг Ватанга садоқат, жасорат ва фидойилик фазилатларини мустаҳкамлаш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур лойиҳа ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинлари









