Ҳафта қаҳрамони. Бурч, масъулият, фидойилик
2026-06-07 12:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 20 май. Соат 16:00. Ғаллаорол тумани, «Оқтош» маҳалласи. Осмонда қуюқлаша бошлаган булутлар орасидан бирин-кетин чақмоқлар йилтиллади. Кўп ўтмай момақалдироқ гумбурлаб, шаррос ёмғир қуя кетди. Туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Элёр Абдусаломов шу куни хизмат хонасига кирмасдан ҳудудни айланиб юрганди. Ёмғир забтидан сел хавфи аниқроқ сезила бошлади. Қарангки, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, қишлоқнинг марказий кўчаси бўйлаб сув оқими оқа бошлади. Зум ўтмай унинг ҳажми кўпайиб, сув хонадонларга ҳам кириб улгурган эди. Капитан шу заҳотиёқ уйларнинг бирига югуриб кирди. Уй эгаларини чақириб, кетмон, белкурак билан сув йўлини тўсишга киришишди.
Ҳаял ўтмай қўшни Накрач, Қипчоқсув қишлоқлари ҳудудига сел келиб, автомобиль йўлларини сув босганлиги ҳақида хабар келди. Капитан тезда ўша ҳудудда йўл олди. Дарҳақиқат, баҳор ёмғири бу сафар талофатли бўлганди. Кексалар бекорга «Ўт балоси, сув балосидан асрасин», дейишмас экан. Капитан аввало ваҳимага тушиб қолган қишлоқ одамларини тинчлантириб, хотин-қизлар, болаларнинг хавфсиз жойга ўтишини таъминлади. Уст-боши шалаббо бўлсада, эркаклар билан бирга сув йўлларини очиб, тозалаб, хавфсизлик чораларини кўришди. Натижада қутқарув хизмати етиб келгунга қадар сел талафотларини олдини олиб туришди.
Лавҳамиз қаҳрамони дастлаб Ғаллаорол тумани «Маданият» МФЙда профилактика инспектори лавозимида иш бошлаган. Унга туман ИИБ ҲПБ ҲООБ бошлиғи, подполковник Шаҳоб Турсунов ҳамда тажрибали ҳамкасби, подполковник Зиёдулла Холмуродов устозлик қилишди.
Мана 4 йилдан буён «Оқтош» МФЙда хизмат фаолиятини олиб бораётган капитан 3500 кишилик маҳалла аҳлининг ишончини қозониб, ҳурматига сазовор бўлмоқда. Энг муҳими, маҳалла сўнгги тўрт йил давомида «яшил» тоифада. Чунки ижтимоий профилактика тадбирлари намунали йўлга қўйилгани туфайли маҳаллада йил бошидан буён биронта ҳам жиноят қайд этилмади.
Ўша куни капитан Элёр Абдусаломовнинг фидойиларча хизмати ички ишлар органлари ходимларининг доимо аҳолига ёрдамга шайлиги, уларнинг дарду ташвишлари билан яшашини яна бир исботлади.
Муқаддас Сапарова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Жиззах вилояти
