Соҳавий хизматларда. Фуқаролар манфаати устувор
2026-06-06 14:15:00 / Янгиликлар

Учқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бўлинмаси биноси ҳар куни фуқаролар билан гавжум. Кимдир илк бор ID-карта олиш ҳаракатида бўлса, кимдир хорижга чиқиш паспорти, ёки фуқароликни тиклаш истагида мурожаат қилади.
— Бўлинма ходимлари томонидан фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён ҳудудда яшовчи 26 нафар фуқаролиги бўлмаган шахснинг тақдири кўриб чиқилди. Хусусан, «Фуқаролик тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан 6 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиб, юртининг тўлақонли аъзосига айланди. Қолган 20 нафар шахсдан 14 нафарига доимий яшаш фактини суд орқали белгилаш бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, туман Адлия бўлимига йўналтирилди, — дейди бўлинма бошлиғи, майор Бахтиёр Сатторов.
Шунингдек, хорижий давлатлардан келиб, мамлакатимизда доимий яшаш истагини билдирган 18 нафар чет эл фуқаросининг ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ўрганиб чиқилди. Ҳозирга қадар уларнинг 5 нафарига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилган бўлса, қолган 13 нафарининг ҳужжатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Замон талабига мос равишда туманда ID-карталарни расмийлаштириш жараёни юқори суръатларда давом этмоқда. Президентимизнинг тегишли фармони ижроси доирасида жами 7212 нафар фуқарога янги авлод ҳужжатлари топширилди. Ушбу кўрсаткичнинг катта қисмини — 5404 тасини эски биометрик паспортларни алмаштирган фуқаролар ташкил этади. Таҳлилларга кўра, мурожаат қилганларнинг 778 нафари 18 ёшга тўлмаган ёшлар, 408 нафари ҳужжатини йўқотган фуқаролар, 531 нафари эса паспорт муддатини ўтказиб юборган шахслардир. Алоҳида қайд этиш жоизки, мобил қурилмалар орқали масофавий ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятидан 4 нафар фуқаро фойдаланган.
Учқўрғонликларнинг халқаро миқёсдаги ҳаракатчанлиги ҳам тобора ортиб бормоқда. 2026 йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун 2231 та ариза қабул қилинди. Уларнинг аксарияти, яъни 1900 таси вояга етган фуқаролар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 331 нафар вояга етмаган болаларга ҳам хорижга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилди. Фавқулодда ҳолатлар инобатга олиниб, 2 нафар фуқарога тезлаштирилган тартибда паспорт берилиши таъминланди.
Бўлинма инспектори, кичик сержант Ҳожиакбар Турғунов, паспортчи, сафдор Диёрбек Эркинжонов каби фидойи ходимлар томонидан амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан бирга, аҳолига сифатли ва шаффоф давлат хизматларини кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
