Бўлажак ҳуқуқшунослар ички ишлар органларининг бой тарихий мероси билан танишди
2026-06-06 12:00:00 / Янгиликлар

Ёшларнинг тарихий хотираси ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари фаолияти ҳамда тизим тарихини яқиндан таништириш мақсадида Тошкент халқаро университетининг Юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тарих музейига ташриф буюрди.
Ташриф давомида талабалар музейнинг бой экспозициялари билан яқиндан танишиб, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг шаклланиш ва тараққиёт босқичлари, турли тарихий даврларда ички ишлар тизими зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фидойи ходимлар фаолияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Музей мутахассислари томонидан талабаларга ноёб архив ҳужжатлари, тарихий фотосуратлар, хизмат фаолиятида фойдаланилган техника ва жиҳозлар, давлат ва хизмат мукофотлари ҳамда ички ишлар органлари тарихини акс эттирувчи бошқа экспонатлар ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Айниқса, хизмат бурчини бажариш чоғида жасорат ва матонат намунасини кўрсатган ходимларга бағишланган бўлимлар талабаларда катта таассурот қолдирди.
Келажакда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритишга тайёрланаётган ёшлар учун ушбу ташриф касбий билимларини бойитиш, соҳа тарихини чуқурроқ англаш ва Ватанга садоқат руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир якунида талабалар музей фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдириб, экскурсия давомида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, тарихий меросга ҳурмат руҳини шакллантириш ҳамда ички ишлар органлари фаолияти ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилмоқда.






