Тошкент Давлат юридик университети талабаларига имкониятлар кенгайтирилмоқда
2026-06-06 11:50:00 / Янгиликлар

“Ёшлар куни” доирасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев Тошкент Давлат юридик университетида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди.
“Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда, шунингдек, Университет ректори Бахшилло Ходжаев, талабалар ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, ички ишлар тизимида таълим, амалиёт ва хизмат интеграцияси ҳамда ёш юристлар учун ички ишлар органларида хизмат фаолиятининг замонавий талаблари ва ривожланиш босқичлари ҳақида сўз юритдилар.
Хусусан, Бош бошқарма бошлиғи Р.Султанходжаев ёшларнинг жиноятчилик профилактикаси, киберхавфсизлик, рақамли бошқарув, жамоат хавфсизлиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва кибермаданиятини ошириш жараёнларида фаол қатнашишлари керак эканлиги, ҳолбуки, бугунги талабалар – эртанги терговчи, прокурор, судья, адвокат, давлат хизматчиси ёки ички ишлар органлари ходимлари бўлишларини таъкидлади.
Аудиториянинг асосий қисмини ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасига қизиқувчи ва шу йўналишда таҳсил олаётган ёшлар ташкил этгани уларнинг масъулларга берган саволлари ва илгари сурган таклифларида ҳам яққол намоён бўлди.
Талабалардан бири ички ишлар идоралари фаолияти билан яқиндан танишиш, тизимдаги жараёнларни бевосита кузатиш истагини билдирди. Ушбу таклифга жавобан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи “Ички ишлар идораларида бир кун” лойиҳасини амалга ошириш таклифини илгари сурди. Бу ташаббус талабалар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Ички ишлар органларида хизмат қилиш истагида бўлган талабаларнинг фикр ва таклифлари ҳам диққат билан тингланиб, уларнинг келгусидаги касбий фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди.
Талабалар билан ўтказилган савол-жавоблардан сўнг пойтахт ИИББ ҳамда олийгоҳ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Р.Султанходжаев мазкур Меморандум орқали билимли кадрлар тайёрлаш, амалий тажрибани таълим билан боғлаш, кибержиноятларнинг олдини олиш ва уларни самарали тергов қилиш бўйича илмий асосланган ёндашувларни шакллантириш, қўшма тадқиқотлар, ўқув модуллари, тажриба алмашинуви, ёш кадрларни касбий йўналтириш ва ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи аниқ натижалар билан бойишини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, Меморандум оддий расмий ҳужжат бўлмай, балки ички ишлар органлари амалиёти, юридик таълим ва илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим амалий қадам эканлигини таъкидлар экан, пойтахт ИИББ ҳамда мазкур билим даргоҳи ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишда ташаббус кўрсатган барчага ҳурмат ва миннатдорлигини билдирди.
Ёшлар билан учрашув яна бир муҳим тадбирга уланди: узоқ йиллар давомида фуқаролик олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган икки нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида фуқаролик берилгани эълон қилиниб, уларга ID-карталари тантанали равишда топширилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









