Ўзбекистон ва Покистон ички ишлар вазирлари жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар
2026-06-06 10:50:00 / Янгиликлар

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ҳамда Покистон Ислом Республикасининг Ички ишлар ва гиёҳванд моддалар назорати бўйича федерал вазири Саййид Муҳсин Ризо Нақвий ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса, трансчегаравий характердаги жиноятларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашувда, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шунингдек, терроризм ва экстремизмга ҳамда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, маълумот ва илғор тажрибалар алмашинувини фаоллаштириш икки мамлакат учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ўзаро дўстона ва самимий муҳитда ўтган учрашувда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.





