Ижтимоий ҳимоя. Уйида тинчи бўлсин ходимнинг
2026-06-04 15:05:00 / Янгиликлар

Инсоннинг ишга муносабати унинг оиласидаги муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, ички ишлар органларида фаолият юритиш учун нафақат кучли жисмоний тайёргарлик, балки руҳий хотиржамлик ҳам зарур. Шу боис бугун ходимларнинг оилавий муҳити, турмуш шароити ва ижтимоий ҳимоясига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти ИИБда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аёл ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилавий барқарорлигини таъминлаш ва муносиб яшаш шароитини яратиш муҳим вазифага айланган.
Бугунги кунда вилоят ички ишлар органларида 250 нафардан зиёд хотин-қизлар фаолият юритаётган бўлса, уларнинг қарийб 70 фоизи оилали аёллардир. Эътиборлиси, опа-сингилларимизнинг аксарияти профилактика йўналишида хизмат қилиб, жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли билан ишлаш каби мураккаб вазифаларни муваффақиятли бажариб келишяпти.
Бошқарма томонидан ҳар бир аёл ходимнинг оиласи билан якка тартибда ишлаш йўлга қўйилган. Уларнинг ижтимоий аҳволи, тураржой шароити ва оилавий муносабатлари мунтазам ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундай эътибор ходималарда тизимга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, самарадорликни оширишга хизмат қиляпти.
Оилавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар, хусусан, «Оилавий китобхон», «Намунали оила» ва «Тўмарис авлодлари» каби кўрик-танловлар мунтазам ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳалар нафақат ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга, балки оиладаги аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, бу каби тадбирлар аёл ходимларнинг ўз устида ишлаши, янги ютуқларга эришиши учун ҳам катта туртки бўлмоқда. Масалан, лейтенант Моҳларой Ҳакимжонова спорт йўналишида, лейтенант Мубинабону Рўзиева адабиёт соҳасида, катта лейтенант Дилбархон Умарова эса «Намунали оила» кўрик-танловида республика миқёсида фахрли ўринларни эгаллади.
Қувонарлиси, илгари тизимда бор-йўғи бир нафар ходима илмий изланиш олиб борган бўлса, бугунга келиб 8 нафар аёл ходим илмий фаолият билан шуғулланмоқда.
Олдинда амалга ошириладиган ишларимиз талайгина. Режага мувофиқ, юртимизнинг сайёҳлик манзилларига оилавий саёҳатлар уюштириш, фахрийлар ҳолидан хабар олиш, оила аъзоларини касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар орқали жамоадаги ўзаро бирдамликни мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилади.
Мухтасар айтганда, аёл ходимларнинг оилавий муҳитини соғломлаштириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Зеро, уйида хотиржамлик бўлган ходимгина эл-юрт осойишталиги йўлида фидокорона хизмат қила олади.
Барнохон Мирзаева, Андижон вилояти ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, майор. «Постда»
