Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасида «Динамо» жисмоний тарбия спорт жамияти томонидан ўтказилган XXXV Спартакиада дастуридаги футбол мусобақаси ўз якунига етди
2026-06-03 23:35:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳридаги ИИВга қарашли ЖАР стадионида бўлиб ўтган ҳал қилувчи ўйинлар юқори шиддат, кескин рақобат ва спортга хос ҳақиқий муросасиз кураш руҳида ўтди. Беллашувлар давомида жамоаларнинг ғалабага бўлган интилиши, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий уйғунлиги яққол намоён бўлди.
Финал баҳсида Ички ишлар вазирлиги ҳамда ДХХ жамоалари чемпионлик учун майдонга тушди. Томошабинлар учун қизиқарли ва кескин вазиятларга бой кечган учрашувнинг асосий вақтида дурранг қайд этилди ва чемпион номи пенальтилар сериясида аниқланди Якунда Ички ишлар вазирлиги жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, XXXV Спартакиада дастури бўйича футбол мусобақасининг мутлақ ғолиби сифатида эътироф этилди.
Мазкур Спартакиада нафақат спорт мусобақаси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жисмоний тайёргарлиги, ирода кучи ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этувчи муҳим тадбир сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, иштирокчиларга келгусидаги мусобақаларда янада улкан муваффақиятлар тиланди.









