ИИВ академиясига АҚШдаги Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation) вакиллари ташриф буюрди
2026-06-03 19:45:00 / Янгиликлар

Халқаро Турон федерациясига 2025 йил 15 июлда асос солинган. Унинг бош қароргоҳи дунёнинг энг йирик сиёсий, молиявий ва маданий марказларидан бири бўлган Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. Турон ўзбек миллий яккакурашини ривожлантириш ва дунё бўйлаб оммалаштириш ташкилотнинг асосий мақсади саналади.
Ташриф чоғида федерация президенти Фаррух Ниязимбетовга ташкилот бошқарув органи вакиллари, юртимиз ва жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги федерациялар мутасаддилари ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар дастлаб академия фаолияти, масканда йўлга қўйилган илғор ёндашувлар билан яқиндан танишдилар. Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирдилар. Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Турон яккакураши федерацияси аъзолари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш қилинди.
Шундан сўнг академия бошлиғи Рустам Хатамов меҳмонларни қабул қилди. Мулоқотда икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, ўзбек миллий яккакурашини оммалаштириш, маҳоратли спортчилар ва мураббийларни тайёрлаш, уларни халқаро ареналарга олиб чиқиш, мазкур йўналишда миллий ва халқаро тажрибаларни ўрганиш борасида фикр алмашилди.
Федерация президенти Ф. Ниязимбетов Турон яккакураши кўп асрлик тарих ва миллий анъаналарни ўзида мужассам этгани, кейинги йилларда уни ривожлантириш бўйича салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилгани, хусусан, кўплаб давлатларда миллий федерацияларга асос солиниб, Осиё Турон яккакураши ассоциацияси ташкил этилганини таъкидлади.
Юртимиз ёшлари ўртасида миллий спорт туримизга эътиборнинг кучайиши янги иқтидор эгаларини кашф этиш, ички ишлар органлари ходимларининг жанговар-жисмоний тайёргарлигини ошириш баробарида, Ўзбекистоннинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилишини эътироф этди.
Ўз навбатида, академия бошлиғи спорт ҳар бир мамлакатни дунёга танитадиган муҳим соҳалардан бири эканлигини, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда спортнинг барча йўналишлари изчил ривожланиб бораётгани, ўқув даргоҳида Турон яккакураши билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар учун барча имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этди.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, янги спорт секцияларини ташкил этиш, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш, келгусида турли даражадаги нуфузли мусобақаларни ўтказишга келишиб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати









