Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди
2026-06-03 17:25:00 / Янгиликлар

“1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида болалар учун байрам тадбири ўтказилди.
Унда республика Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Марказ фаолияти, хусусан, бу ерда болалар учун яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган тиббий, маиший, ижтимоий-ҳуқуқий, тарбиявий, маданий-маърифий ҳамда спорт-соғломлаштириш хизматлари ҳақида маълумот берилди.
Болаларга қувонч улашиш ва байрамона кайфият бағишлаш мақсадида Марказга ташриф буюрган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ҳамда саҳна чиқишлари уларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Меҳмонлар болаларга совғалар улашиб, байрамона безатилган дастурхон атрофида улар билан самимий суҳбат қурдилар.
Шунингдек, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларга ижтимоий, ҳуқуқий, педагогик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажараётган бир гуруҳ ходимлар “Ватан” хайрия фонди томонидан кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.







