«Ҳалоллик қасамёди». Қоровул қўшинлари сафига янги кучлар қўшилди
2026-06-03 17:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондонлигида шартнома асосида ҳарбий хизматга қабул қилинган бир гуруҳ ёш номзодларнинг тантанали «Ҳалоллик қасамёди»ни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир ёш ҳарбийларнинг ҳаётида янги саҳифа очиб, уларнинг зиммасига эл-юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асрашдек масъулиятли вазифани юклади. Ҳарбий-касбий синовлар ва қатъий саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар саф майдонида саф тортиб, Ватанига, халқига ва Президентига содиқ бўлишга, хизмат вазифаларини виждонан бажаришга тантанали равишда ваъда бердилар.
Тантанада сўзга чиққан қўшин қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Даврон Ашуров янги қабул қилинган ҳарбий хизматчиларни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этди. У ўз нутқида Ватанга садоқат, хизмат бурчига қатъийлик ҳамда танлаган касбига фидойилик ҳар бир унвонли ҳарбийнинг энг олий ва муқаддас вазифаси эканини алоҳида таъкидлаб, ёш бўлғуси ҳимоячиларга келгуси хизматларида улкан муваффақиятлар тилади.
Маросимнинг мантиқий давоми ўлароқ, ёш ҳарбий хизматчилар Қоровул қўшинлари тарихий музейига ташриф буюрдилар. Номзодлар музей экспозициялари ҳамда ноёб экспонатлар орқали қўшинларнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, кундалик хизмат фаолияти ҳамда юрт тинчлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб, жасорат кўрсатган фахрий ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишдилар.
Бу каби маънавий тадбирлар янги таркибда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.









