Кибержиноятчилик. «Осон даромад»нинг оғир оқибати
2026-06-02 23:00:00 / Янгиликлар

Рақамли технологиялар тараққиёти бугун ҳаётимизга янги имкониятлар, қулайликлар билан бирга жиддий хавфларни ҳам олиб кирди.
Айниқса, криптовалюта бозорида осон ва тез бойиш истаги айрим фуқароларни қонунбузарлик кўчасига етакламоқда. Нафс тузоғига тушиб, қисқа вақтда катта даромад топишни кўзлаганлар ўзлари жиноят иштирокчисига ёки кибержиноят қурбонига айланиб қолишмоқда.
Кун бўйи виртуал оламдан чиқмайдиган Гули Қобилова (исм-шарифи ўзгартирилди) ҳалол меҳнат қилиш ўрнига, бел оғритмай пул топишни афзал билди. Шу мақсадда икки йил олдин Telegram ижтимоий тармоғида «криптовалюта алмашинуви»ни ўргатувчи онлайн курсга тўлов қилиб, сабоқ ола бошлайди.
Ўқув курсини тугатгач, Г.Қобилова мобил телефонига «Binance» иловасини юклаб олади ва фойдаланувчи сифатида ҳисоб қайдномасини рўйхатдан ўтказиб, шахсий ҳисоб рақам очади. Шу тариқа, крипто-биржада аноним крипто-активлар савдоси билан фаол шуғуллана бошлайди.
Даромадларини яшириш ва изни йўқотиш мақсадида рақамли ҳамёнига бир қанча электрон ҳисоб рақамларни ҳам бириктиради.
«Қаҳрамонимиз» ҳар куни турли харидорларга электрон шаклда миллий валютага АҚШ долларини криптовалюта орқали сотиш билан машғул бўлади.
Ўтган йилнинг 23 январь куни у «Binance» платформаси орқали номаълум харидордан 2 754 093 сўм қабул қилиб олиб, эвазига унинг ҳисобига 209,58 АҚШ доллари эквивалентидаги крипто-активни ўтказиб беради. Аслида, бу маблағ бошқа бир фуқародан фирибгарлик йўли билан ўғирланган пуллар эди.
Жараёнга аралашиб қолган Г.Қобилова телефон аппарати эҳтиётсизлиги туфайли бутунлай синиб, иловадаги ҳисоб қайдномасига кириш имконини йўқотгунга қадар ушбу ноқонуний фаолиятини давом эттиради.
Мамлакатимиз қонунчилигига кўра, крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ фаолият фақат белгиланган тартибда лицензия олган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Г.Қобилова эса крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш билан такроран шуғулланиб, қисқа вақт ичида жами 14 688 АҚШ доллари ҳамда 192 356 438 сўмлик маблағни крипто-биржада олди-сотди қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Г.Қобиловага нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Суд ҳукми билан унга тегишли жазо тайинланди.
Хулоса шуки, интернетдаги ҳар қандай «осон даромад» таклифи ортида жиноий тузоқ яширинган бўлиши мумкин. Айниқса, молиявий операциялар билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишда қонун талабларини чуқур ўрганиш ва уларга қатъий риоя қилиш шарт.
Зотан, қонуний йўл, ҳалол меҳнат билан топилган даромад ҳамиша барқарор ва баракали бўлади.
©️ “Postda” газетаси, Шаҳзодбек Бердиалиев, катта лейтенант.Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
