Малакали кадрлар — ютуқлар гарови. Машқда қийин бўлса...
2026-06-01 01:10:00 / Янгиликлар

Хизмат вазифалари ички ишлар органлари ходимларидан нафақат юксак билим ва тажриба, балки мустаҳкам соғлиқ, юқори жисмоний тайёргарлик ҳамда мураккаб вазиятда тезкор ҳаракат қила олиш қобилиятини талаб этади. Шу боис Навоий вилояти ИИБ шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада вилоят ҳудудидаги спорт ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик дастури имзоланган. Ушбу дастур асосида ходимлар учун мунтазам равишда машғулотлар ташкил этиб келинмоқда.
Малакали мутахассис-йўриқчилар раҳбарлигида сузиш, қўл жанги, дзюдо, самбо ҳамда тезкорлик ва чидамлиликни ривожлантирувчи махсус машқлар ўтказилади.
Мазкур машғулотлар орқали ходимларнинг жисмоний имкониятлари янада оширилиб, уларнинг хизмат жараёнида учраши мумкин бўлган турли мураккаб ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш, жиноятчиларга қарши самарали ҳаракатланиш ва ўзини ҳимоя қилиш кўникмалари мустаҳкамланмоқда. Айниқса, тартиббузарларни зарарсизлантириш, қўлга олиш ва қонуний талабларга бўйсундиришда қўл жанги ва самбонинг амалий усуллари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жисмоний тайёргарлик машғулотларида аёл ходималарга ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва жисмонан чиниқишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу эса уларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бирга, ўз куч ва имкониятларига бўлган ишончини янада кучайтирмоқда.
Шунингдек, ходимлар билан ўқ отиш машғулотлари ҳам мунтазам ташкил этилади. Унда шахсий таркибнинг қуролдан аниқ ва тўғри фойдаланиш кўникмалари синовдан ўтказилади. Ходимлар янги намунадаги нишонларга ўқ узиб, уларнинг қурол билан муомала қилишдаги ва мўлжалга олишдаги маҳорати баҳоланади.
Бундан ташқари, махсус тактик тайёргарлик бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилиб, шахсий таркибнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритмлари мустаҳкамланади. Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш, тегишли режалар асосида иш олиб бориш ва махсус воситалардан тўғри фойдаланиш юзасидан ҳам уларнинг амалий кўникмалари синаб кўрилади.
Шунингдек, ходимлардан тўсинда тортилиш, қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш бўйича синовлар қабул қилиниб, уларнинг жисмоний ҳолати, чаққонлиги ва техник тайёргарлиги баҳоланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу каби машғулотлар вилоят ИИБнинг барча таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлимларида мунтазам равишда ўтказилади. Бу эса ҳар бир ходимнинг хизматга доимо тайёр бўлиши, юксак жанговар руҳ ва мустаҳкам ирода билан фаолият юритишига хизмат қилмоқда.
Соғлом тан, мустаҳкам ирода ва юқори жанговар тайёргарлик ҳуқуқ-тартибот посбонларининг энг ишончли таянчидир. Навоий вилояти ички ишлар органларида ўтказилаётган бу каби тизимли машғулотлар шахсий таркибнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни жисмонан ва руҳан чиниқтириш ҳамда янада самарали фаолият кўрсатишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА, ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
