Касбидан камол топганлар. Муваффақиятнинг етти таянчи
2026-05-30 23:00:00 / Янгиликлар

«Шуҳрат» медали соҳиби, истеъфодаги подполковник Алишер Рустамовнинг босиб ўтган ҳаёт йўли шарафли.
...2010 йил июль ойи. Айни ёз чилласи. Қуёш тиккага келган пайт. Ҳаво қизигандан қизияпти. Алишер Рустамов икки нафар ходими билан беш соатдан бери ёғоч уюмлари панасида пистирмада турибди. Қўшни уйда ўта хавфли рецидивист яшайди. У етти йилдан бери тутқич бермайди.
Тезкор маълумотларга қараганда, соат 15-16 ларда оиласининг ҳолидан хабар олиш учун келиши керак. Қирқ даража иссиқда бир неча соат қимирламай мана шу ҳолатда ётиш кишидан махсус тайёргарлик, чидам тақозо қиларди.
Ходимлар бунга тайёр эди. Ва ниҳоят соат ўн олтиларда 40-45 ёшлардаги шахс дарвозани очиб, ичкарига кирди. У ҳеч нарсани сезмасдан қўлидаги сумкасини уйнинг зинасига қўйиб эшикни очмоқчи бўлди.
Шу сонияда елкасини бақувват қўл босди. Бир зумда у қўли орқага қайрилган ҳолда ерда ётарди. Алишер Рустамов ўз ишининг устаси бўлгани учун жиноятчи қаршилик кўрсатишга ҳам улгурмади.
...2014 йилда Тожикистон Республикасидан Россияга гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳнинг изига тушилди. Калаванинг бир учи Қозоғистонга, ундан Россиянинг Перм шаҳрига бориб тақаладиган таъминот занжирига Ховос туманидаги 40-45 ёшлардаги икки нафар аёл ҳам жалб қилинганди.
Уларнинг вазифаси Тожикистондан ўтказилган «юк»ни қабул қилиб, Сирдарё тумани орқали Қозоғистондаги гуруҳ аъзосига етказиб беришдан иборат эди.
Ушбу аёллар Алишер Рустамов раҳбарлигидаги ТВБСО ходимлари томонидан Ховос туманидан чиққан заҳотиёқ кузатувга олинди. Гулистон шаҳрида тўхтатилиб, жомадонлари кўздан кечирилди. Заҳри қотил пухталик билан жомадонларнинг ички яширин қаватига беркитилганди.
Тарозида тортиб кўрилганда, жами 12 килограмм героин олиб ўтилаётгани аниқланди. Операция шу билан тугамади. Ходимлар олдига ушбу жиноий гуруҳнинг Қозоғистон Республикасидаги аъзоларини ҳам фош этиш вазифаси қўйилади.
Тадбир икки соат ичида ўтказилмаса, улар сезиб қоларди. Алишер Рустамов масъулиятни ўз зиммасига олиб, уч нафар ходими билан Сирдарё туманидаги божхона постига етиб борди.
Келишилган соатда аёллар жомадони билан божхона постини кесиб ўтишади. Нейтрал ҳудудда уларни полвонгина, ёши ўттизларда бўлган йигит кутиб олади.
У жомадонларни қўлга олиши билан ўзи ҳам қўлга олинади. Кўп ўтмай жиноий тўданинг Тожикистон ва Қозоғистондаги бошқа аъзолари ҳам фош этилиб, жиноий жавобгарликка тортилади.
Лавҳамиз қаҳрамони устоз сифатида ҳам ҳурмат қозонган. Унинг шогирдларидан сержант Улуғбек Эргашев Оқолтин тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, майор Шуҳрат Турсунов эса Сирдарё вилояти ИИБ ЖТСБ ППХ взводи командири.
Шогирдларидан «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, подполковник Аъзамжон Ортиқбоев шундай дейди: — Устозимиз раҳбар сифатида талабчан, интизомни биринчи ўринга қўярди. Ўзидаги билим ва тажрибани бошқалар билан бўлишарди. Ҳеч бир ходимнинг муаммосига бефарқ эмасди. Мен унинг қўл остида тўққиз йил ишлаб, жуда кўп нарсаларни ўргандим.
Алишер Рустамов 2016 йилда иззат-икром билан пенсияга чиқади. Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий гвардияси Ихтисослашган ўқув маркази тактика ва махсус тактика тайёргарлиги бўйича ўқитувчиси сифатида ёш кадрларга билим ва тажрибасини ўргатиб келмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
