Жиззах вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан туристик масканларда хавфсизлик ҳолати ўрганилди
2026-05-30 09:00:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан вилоят ҳудудидаги туристик ва дам олиш масканларида фуқаролар ҳамда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, Фориш туманида жойлашган «Баланд осмон» МЧЖ ҳамда Шароф Рашидов туманидаги «Ранчо тур» МЧЖга қарашли туристик масканларга ташриф буюрилиб, бу ерларда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, хавфсизлик тизими, видеокузатув воситалари ҳамда профилактик тадбирларнинг ташкил этилиши кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида масъуллар томонидан сайёҳларнинг хавфсиз, мазмунли ва мароқли дам олишини таъминлаш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда ҳудудларда барқарор жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, туристик мавсум давомида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва кўнгилсиз ҳолатларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, туристик масканларда хавфсиз муҳитни яратиш, сайёҳлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш ички ишлар органларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати








