ИИВ Малака ошириш институтида KOICA лойиҳаси доирасида илмий тадқиқот натижалари бўйича оралиқ ҳисобот тингланди
2026-05-30 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида симуляциялаштирилган ўқув марказини ташкил этиш бўйича салоҳиятни ошириш» лойиҳаси доирасида Корея Республикасидан ташриф буюрган, профессор Парк Жаэ-Поонг раҳбарлигидаги делегация томонидан ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган бош режа юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича оралиқ ҳисобот тақдим этилди.
Тадбирда институт раҳбарияти, соҳавий мутахассислар ҳамда лойиҳа иштирокчилари қатнашиб, тақдим этилган ҳисобот доирасида ички ишлар органлари ходимларини касбий тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари, симуляциялаштирилган ўқув муҳитини жорий этиш истиқболлари ва мазкур бош режанинг асосий йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Учрашув давомида бош режани янада такомиллаштириш, унинг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда лойиҳанинг кейинги босқичларини самарали ташкил этиш масалалари бўйича мутахассислар иштирокида муҳокамалар ўтказилди ва тегишли таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Корея делегацияси аъзолари институтда ташкил этилган навбатдаги битирувчиларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этиб, таълим жараёни ва тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Мазкур ҳамкорлик лойиҳаси ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш тизимига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, таълим жараёнининг самарадорлигини ошириш ҳамда симуляциялаштирилган ўқув технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
ИИВ Малака ошириш институти








