Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази вакиллари "IAFS 2026" халқаро илмий йиғинида иштирок этмоқда
2026-05-30 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази вакиллари Болгария Республикасининг София шаҳрида ўтказилаётган International Association of Forensic Sciencesнинг 24-халқаро илмий йиғини — IAFS 2026 тадбирида иштирок этмоқда.
Жорий йилнинг 25–30 май кунлари ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман дунёнинг турли давлатларидан суд экспертизаси, криминалистика, суд тиббиёти ҳамда рақамли экспертиза соҳаларида фаолият юритувчи олим ва мутахассисларни бир майдонга жамлаган халқаро илмий платформа ҳисобланади.
Халқаро йиғин доирасида замонавий эксперт-криминалистик тадқиқот усуллари, ДНК ва трасологик экспертизалар, ҳужжатлар экспертизаси, рақамли далиллар таҳлили, сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали криминалистик таҳлилларни такомиллаштириш, шунингдек трансмиллий жиноятларга қарши курашишда суд экспертизасининг аҳамиятига бағишланган маърузалар ва амалий сессиялар ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, иштирокчилар илғор хорижий лабораториялар фаолияти, инновацион криминалистик технологиялар ҳамда экспертлик амалиётида қўлланилаётган янги ёндашувлар билан яқиндан танишмоқда.
Мазкур халқаро илмий йиғинда иштирок этиш Ўзбекистон ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази фаолиятини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, экспертлик тадқиқотларига инновацион технологияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда миллий эксперт-криминалистика тизимида илғор тажрибаларни татбиқ этишга хизмат қилади.
Шунингдек, олинган илмий ва амалий тажрибалар келгусида жиноятларни фош этиш самарадорлигини ошириш, ашёвий далилларни тадқиқ этиш сифатини яхшилаш ҳамда эксперт кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази





