Қашқадарёда болалар оромгоҳлари ва ички ишлар органларида яратилган шароитлар ўрганилди
2026-05-29 22:45:00 / Янгиликлар

Ёзги таътил даврида болаларнинг хавфсиз ва мазмунли дам олишини таъминлаш, шунингдек ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Диёрбек Саттаров томонидан Қашқадарё вилояти ИИБ тасарруфидаги «Гулистон» болалар оромгоҳида мавсум олдидан яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида оромгоҳнинг ётоқхоналари, ошхонаси, тиббиёт хонаси, спорт ва маданий тадбирлар майдонлари кўздан кечирилиб, болалар хавфсизлигини таъминлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш, ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш ҳамда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳар ИИБ маъмурий биносида яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилди. Ташриф давомида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга мўлжалланган фронт-офис, навбатчилик қисми, фаоллар зали, спорт машғулотлари хонаси, кутубхона ва бошқа хизмат хоналари кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, масъулларнинг Шаҳрисабз шаҳрида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимоти муҳокама қилинди.
Якунда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда мавжуд шароитлардан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.



