ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида ўрганиш ишлари давом этмоқда
2026-05-29 14:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов томонидан Миробод тумани ҳудудида жойлашган Миробод деҳқон бозори ҳамда Оқ уй жоме масжиди фаолияти кўздан кечирилди.
Ташриф давомида мазкур объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар, ҳудудларнинг камералаштирилганлик ҳолати, видеокузатув тизимларининг самарали ишлаши, шунингдек ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши атрофлича ўрганилди.
Айниқса, бозор ва масжид ҳудудларида фуқароларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши, кириш-чиқиш назорати, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ёнғинга қарши воситаларнинг шай ҳолатда сақланиши, эвакуация йўлакларининг очиқлиги ҳамда масъул ходимларнинг тайёргарлик даражаси ҳам текширилди.
Ўрганишлар якунида мутасадди раҳбар ва масъулларга хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, замонавий кузатув камераларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Мазкур ишлар аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат жойларида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи






