Самарқанд вилояти ички ишлар органлари пробация бўлинмалари фаолияти ўрганилди
2026-05-29 09:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – Пробация бошқармаси бошлиғи Самарқанд вилоятида бўлиб, ҳудудий пробация бўлинмалари фаолиятини атрофлича ўрганди.
Ташриф давомида ходимлар учун яратилган иш шароитлари, пробация назорати остидаги шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар самарадорлиги ва уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар билан яқиндан танишилди.
Жумладан, вилоятнинг Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Иштихон, Оқдарё ва Ургут туманлари, шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимлари пробация бўлинмалари фаолияти ўрганилди. Ҳудудларда пробация назорати остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт бартараф этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамиятга мослашувига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шу билан бирга, соҳани рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали назорат самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ходимларга аниқ топшириқлар берилди ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Ташриф доирасида пробация назоратида турган ёшлар ҳамда афв этилган шахслар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Муаммоли масалаларни ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Бундай ўрганиш ишлари республика ҳудудлари бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



