Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлиги доирасида хавфсиз туризм тажрибаси ўрганилмоқда
2026-05-29 09:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида Корея Республикаси делегацияси Бухоро шаҳрига амалий ташриф билан келди. Мазкур ташриф давлатлараро имзоланган келишувга асосан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказини ташкил этиш бўйича салоҳиятни ошириш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Ташриф дастурига мувофиқ хорижий делегация аъзолари амалий машғулотлар учун тегишли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Учрашув давомида меҳмонлар хавфсиз туризмни таъминлаш борасида Бухорода амалга оширилаётган тизимли ишлар ва ходимлар учун хизмат жойларида яратилган замонавий шароитлар ҳамда Бухоронинг ўзига хос қадимий тарихий қисмини кўздан кечириб ўргандилар.
Ушбу учрашув келгусида соҳа ходимларининг касбий малакасини халқаро стандартлар асосида юксалтиришга ва хавфсиз туризм йўналишидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



