Жараён. Сайёр қабул: масофа тўсиқ эмас
2026-05-28 23:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини амалда таъминлаш, ички ишлар органлари ва жамият ўртасида очиқлик ҳамда шаффофликни мустаҳкамлаш мақсадида жойларда сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келиняпти.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда ҳам соҳанинг масъул раҳбар ва мутасаддилари иштирок этиб, мурожаатларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратишди.
Сайёр қабул жараёнида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий омиллар алоҳида инобатга олинди. Хусусан, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти фуқаролари билан юзма-юз учрашувлар ташкил этилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун видеоконференцалоқа орқали масофавий қабуллар ўтказилди.
Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликсиз мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди.
Қабул давомида ички ишлар органлари фаолиятига дахлдор турли масалалар, жумладан, фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар, ижтимоий ҳимоя, ишга қайта тикланиш ҳамда бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Тадбир якунига кўра, жами 536 та мурожаат қайд этилиб, уларнинг 301 таси (56 фоизи) белгиланган тартибда жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 235 та мурожаат эса қўшимча ўрганиш талаб этгани боис назоратга олиниб, масъул соҳавий хизматларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этилган қабулларда 395 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 170 таси (43 фоизи) жойида ҳал қилинган бўлса, 225 таси қўшимча текширув ва ҳуқуқий ўрганиш асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Бундай сайёр қабуллар давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолининг тизимга бўлган ишончини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Шу сабабли бундай тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида тизимли равишда давом эттирилади.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов.
