ИИВ раҳбарияти томондан Хоразм вилоятида “Қурбон ҳайити” байрами тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар манзилли ўрганилди
2026-05-26 23:00:00 / Янгиликлар

Хизмат сафари давомида вазир ўринбосари вилоят ички ишлар органлари масъул раҳбарлари ҳамроҳлигида Урганч шаҳрида жойлашган Охунбобо жоме масжидида бўлиб, Қурбон ҳайити муносабати билан ўқиладиган ҳайит намози жараёнларига тайёргарлик ҳолати билан яқиндан танишди.
Масжид ҳудудида байрам кунлари минглаб фуқаролар жам бўлишини инобатга олган ҳолда, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши учун яратилган шароитлар, кириш-чиқиш назорати, техник хавфсизлик тизимлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ташкил этилган хизмат жараёнлари атрофлича кўздан кечирилди.
Шунингдек, ҳайит намози вақтида хизматга жалб этилган ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳамкор тузилмалар шахсий таркибининг хизматни ташкил этиш даражаси, уларнинг шайлиги ва аҳоли билан муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратилди. Вазир ўринбосари томонидан масъул раҳбарларга фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Хизмат сафари давомида Урганч шаҳридаги аҳоли гавжум бўладиган дам олиш масканлари, сайилгоҳлар ва тунги вақтда фаолият юритувчи ҳудудларда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти ҳам назорат тартибида ўрганилди.
Жумладан, тунги хизматга жалб этилган патруль-пост нарядларининг хизмат олиб бориш сифати, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлари, профилактик тадбирларни ташкил этиш даражаси таҳлил қилинди. Ходимларга хизмат давомида огоҳлик ва ҳушёрликни янада ошириш, аҳоли мурожаатларига тезкор ва қонуний муносабат билдириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шу билан бирга, Қўриқлаш хизмати фаолияти ҳам амалий тарзда синовдан ўтказилди. Ташвиш тугмалари орқали шартли хабарлар берилиб, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг воқеа жойига етиб келиш тезлиги, ҳаракат алгоритми ва хизмат шайлиги текширилди. Ўтказилган текширувлар давомида шахсий таркибнинг тайёргарлиги, тезкорлиги ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.
Таъкидланганидек, Қурбон ҳайити байрами кунларида аҳолига муносиб шарт-шароит яратиш, фуқароларнинг осойишта ва хавфсиз ибодат қилиши ҳамда оммавий тадбирларни беталафот ўтказишни таъминлаш ички ишлар органларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Хоразм вилояти ҳудудида барча куч ва воситалар кучайтирилган тартибда хизмат олиб бормоқда.



