Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи олис Пешку туманининг 23-сонли умумтаълим мактаби битирувчиларига Президент табригини етказди
2026-05-26 17:55:00 / Янгиликлар

Пешку туманидаги 23-умумтаълим мактабида 2026-йилнинг 25-май куни битирувчиларга бағишланган “Сўнгги қўнғироқ” тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Тантанали маросимда битирувчилар, ота-оналар, устозлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Тадбирда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Мактаб ҳовлисининг асосий кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси — “BYD Chazor” автомашинаси жойлаштирилгани байрам шукуҳини янада ошириб, барчанинг эътиборини тортди. Тадбир Давлат мадҳияси садолари остида очиқ деб эълон қилингач, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи сўзга чиқиб, дастлаб Давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ўз нутқида у жорий йилда вилоят бўйлаб 23 мингдан зиёд ёшлар мактабни якунлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганини қайд этди. Шунингдек, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли қисми тақдирлаш маросими бўлди. Фарзанди намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиган ота-оналарга ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўрнак бўлаётган синф раҳбарларига ташаккурнома, китоблар тўплами ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шунингдек, мактаб жамоаси учун ифтихорли бўлган яна бир ютуқ алоҳида эътироф этилди. “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритган 6-синф ўқувчиси Носирова Фарзона Насим қизи Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи томонидан фахрий ёрлиқ ва планшет билан тақдирланди. Унинг муваффақиятига муносиб ҳисса қўшган устозига ноутбук, мактаб директорига эса ташаккурнома топширилди. Қолаверса, ғолибанинг онаси Меҳригиё Ширинова телевизор билан, отаси — Пешку тумани ИИБ профилактика инспектори, майор Насим Боғиев эса эсдалик қўл соати билан мукофотланди.
Тантанали маросим ўқувчиларнинг дилтортар мусиқий ва бадиий чиқишларига уланиб кетди, сўнгра эсдалик учун суратга тушилди. Якунда меҳмонлар мактаб ҳудудида барпо этилган соҳил волейболи майдончаси ҳамда кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бир сўз билан айтганда, бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбири битирувчилар қалбига ғурур ва ишонч бағишлаб, уларни буюк келажак сари руҳлантирувчи ёрқин лаҳзаларга бой бўлди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









