ИИВ раҳбарияти томонидан «Қурбон ҳайити» байрами кунларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан масъул ходимларга кўрсатмалар берилди
2026-05-26 16:35:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасида «Қурбон ҳайити» байрами муносабати билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта дам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов томонидан Қорақалпоғистон Республикасида масъул раҳбар ва ходимлар иштирокида хизмат йиғини ўтказилди.
Йиғилиш давомида байрам кунларида аҳоли гавжум бўладиган масканлар, масжидлар, бозорлар, истироҳат боғлари ҳамда оммавий тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлашни янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш ҳамда фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш бўйича масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Генерал-майор Баходир Мирзарахимов томонидан профилактика инспекторлари, патруль-пост хизмати ва соҳавий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар бир ҳудудда вазиятни доимий назоратда ушлаш, айниқса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Тадбир якунида барча шахсий таркибдан байрам кунларида хизмат интизомига қатъий амал қилиш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ва юксак масъулият билан хизмат олиб бориш талаб этилди.
Мазкур чора-тадбирлар аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, «Қурбон ҳайити» байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказишга хизмат қилиши қайд этилди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



