Ички ишлар вазири ўринбосарининг Бухоро вилоятига ташрифи: хавфсизлик ва ёшлар маънавияти эътиборда
2026-05-26 11:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Д.Н. Саттаров Қурбон ҳайити байрами олдидан Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда байрамни кўтаринки руҳда ва осойишта ўтказиш бўйича кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.
Ташриф аввалида вазир ўринбосари Бухоро вилояти ИИБ Тезкор бошқарув марказида бўлди. Асосий мақсад, байрам кунлари жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланганлигини ҳамда эҳтиёт чораларини кўздан кечиришдан иборат бўлди. Марказда масъуллар томонидан жамоат тадбирлари бўлиб ўтадиган барча ҳудудлар тўлиқ камералаштирилганлиги ва доимий кузатув назоратига олинганлиги юзасидан батафсил тақдимот намойиш этилди. Хусусан, фуқароларимиз масжидларда ҳайит намозини тинч ва хотиржам адо этишлари учун барча зарурий хавфсизлик чоралари кўрилганлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг, ташриф доирасидаги тадбирлар қадимий Бухоронинг “Эски шаҳар“ қисмида давом этди. Бу ерда Бухоро вилояти ҳокими бошчилигида ўтказилган “Ёш китобхон“ кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда билимли ва иқтидорли ёшларнинг эришган ютуқлари юксак эътироф этилиб, муносиб тақдирланди. Йиғилган барча ёшларга келгусида ана шундай юқори натижаларга эришишлари ва юртимиз равнақига ҳисса қўшишлари йўлида самимий тилаклар билдирилди.
Тадбир якунида полковник Д.Н. Саттаров Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ҳамроҳлигида “Эски шаҳар“ ҳудудида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг кундалик хизмат фаолияти билан танишди. Ходимларга байрам кунларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда доимий ҳушёрликни сақлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









