Замонавий хавфсизлик. Тўлқинлар мавж урар юракда
2026-05-27 11:20:00 / Янгиликлар

Хизмат фаолиятини 2020 йилда оддий назоратчи сифатида бошлаган лейтенант Дилором Акрамова бугун Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати Молия-иқтисод бўлимида бўлинма бошлиғи лавозимида хизмат қилмоқда.
Оилада ягона қиз бўлганим учунми, ака-укаларим мени ҳамиша авайлашарди, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Лекин болалигимдан жасурликка, мустақилликка интилардим. Хизмат либосини кийиш, қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшиш энг катта мақсадим эди. Тикувчилик ва пазандалик сирларини ўрганганим рўзғорда асқатса, каратэ билан шуғулланганим бугун хизматда қатъиятли бўлишимга ёрдам бермоқда. Бўш вақтимда китоб ўқийман, чунки мутолаа инсон қалбини гўзаллаштиради.
Касбдошлари Дилором Акрамовани нафақат қатъиятли ходим, балки ўз ишининг ҳақиқий профессионали сифатида қадрлашади.
– Дилором билан бир неча йилдан буён елкама-елка хизмат қилиб келамиз, – дейди сержант Қобилжон Орзиматов. – Молиявий ҳисоб-китоблар, моддий бойликларни назорат қилишдек масъулиятли вазифада у ўзининг аниқ иш тизими ва қатъияти билан ажралиб туради. Мураккаб вазиятларда ўзининг тезкор ва тўғри қарорлари, иродаси билан барчага намуна бўла олади. Ҳам нозиктаъб аёл, ҳам талабчан раҳбар бўлиш осон эмас, лекин лейтенант Акрамова буни аъло даражада уддалаяпти. Унинг ютуқлари бутун жамоамизнинг фахридир.
Ўз устида ишлашдан тўхтамаган, билим ва шижоатни уйғунлаштирган Дилором Акрамованинг хизмат ва ҳаёт йўли бугунги замон аёлининг жамиятда қанчалик фаол ва кучли бўла олишига ёрқин мисолдир.
Мақсади сари дадил қадам ташлаётган шижоатли лейтенантга эл-юрт осойишталиги ва соҳа ривожи йўлидаги шарафли хизматида ҳамиша зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
Наманган вилояти.
