Қидирувда бўлган шахс Америка Қўшма Штатларидан Ўзбекистонга қайтарилди
2026-05-25 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан Америка Қўшма Штатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда жиноят содир этиб, хорижда яшириниб юрган шахсларни аниқлаш, ушлаш ва Ўзбекистонга қайтариш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Амалий ҳамкорликнинг навбатдаги натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 2023 йилда қидирув эълон қилинган 1989 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида аниқланиб, ушланди ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди.
Ички ишлар органлари томонидан жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларни аниқлаш, уларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар жавобгарликка тортилишини таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорлик доирасида тезкор-қидирув тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
