Ижтимоий профилактика. Осойишталик маҳалладан бошланади
2026-05-25 23:00:00 / Янгиликлар

Жиноятчиликка қарши курашишда самарали ёндашув — жиноят содир этилгандан кейин жазолаш эмас, балки унинг барвақт олдини олишга устувор аҳамият беришни тақозо этади. Бунинг учун жиноятга сабаб бўлувчи ижтимоий, иқтисодий ва психологик омилларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилиши лозим.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши асосида ўтказилаётган «Ижтимоий профилактика ҳафталиги» доирасидаги тадбирларда ана шу илғор ёндашув ўз аксини тўла-тўкис топмоқда.
Жорий йилнинг март июнь ойлари давомида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳар ойда туман ва шаҳарлардаги биттадан маҳаллани қамраб олган.
Тадбирларнинг самарали ва натижадор бўлишига туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда ички ишлар бўлимлари бошлиқлари шахсан масъул этиб белгиланган.
Март ойида вилоятнинг 12 та маҳалласида ҳафталик доирасидаги тадбирлар муваффақиятли якунланди. Биргина Ғаллаорол туманидаги «Сарбозор» МФЙ мисолида айтадиган бўлсак, асосий эътибор ҳудудда профилактика ишларини кучайтириш, ёшлар тарбиясига алоҳида ёндашиш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кенгайтиришга қаратилди.
Хусусан, маҳалла еттилиги томонидан 16 та йўналиш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Биргина профилактика инспектори томонидан эса ижтимоий профилактика объектлари бўйича аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳалла еттилигига 196 та хулоса тақдим этилди.
Шунингдек, маҳалла фаоллари орасидан тажрибали мураббийлар бириктирилиши ва ҳамкорликдаги ишлар самараси ўлароқ, 55 нафар фуқаронинг турмуш тарзи ва оилавий шароити ўрганилиши натижасида 12 нафар шахс соғлом турмуш тарзига қайтарилди.
Ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда тарбияси оғир ва хулқ-атворида салбий ўзгаришлар кузатилаётган ёшларнинг қизиқишлари ўрганилди. Натижада 34 нафар йигит-қиз фан, касб-ҳунар ва спорт тўгаракларига йўналтирилди. Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда 3 маротаба меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Айни пайтда ҳафталик доирасидаги тадбирлар туманнинг «Ғўбдин» маҳалласида изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли муаммоларини тизимли аниқлаш ва уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Бегзод Асадов, Жиззах вилояти ИИБ ҲПБ катта инспектори, катта лейтенант.
