Ўзбекистон Республикаси делегацияси Interpol “Trigger X” халқаро операциясида иштирок этди
2026-05-25 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11–15 май кунлари Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина) ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланиши ва у билан боғлиқ трансмиллий жиноятчилик турларига қарши курашишга қаратилган INTERPOLнинг “Trigger X – Европа ва Марказий Осиё” халқаро операцияси доирасида бир вақтнинг ўзида операция олди йиғилиши ва минтақавий тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир Интерпол халқаро жиноий полиция ташкилотининг Бош котибияти томонидан Европа Иттифоқи кўмагида “iARMS V” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Унда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда Интерпол миллий марказий бюролари вакиллари қатнашди. Ўзбекистон Республикаси номидан ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси ва ИИВ Бош эксперт-криминалистика маркази вакиллари иштирок этди.
Кенгаш давомида иштирокчилар ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ замонавий таҳдидлар, халқаро ҳамкорлик механизмлари ҳамда қўшма тадбирларни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Минтақавий тренинг доирасида Интерпол Бош котибияти экспертлари томонидан “iARMS” тизимидан фойдаланиш, қуролларни халқаро даражада кузатиш, ўқотар қуроллар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш ва халқаро криминалистик воситаларни қўллаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси делегацияси хорижий ҳамкорлар билан амалий тажриба алмашди ҳамда ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасидаги замонавий халқаро ёндашувларни ўрганди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси



