Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ва «Қурбон ҳайити» байрами кунларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган тезкор йиғилиш ўтказилди
2026-05-25 10:00:00 / Янгиликлар

Видеоконференсалоқа тизими орқали ташкил этилган мазкур йиғилишда вилоят прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарияти, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Шунингдек, ҳудудий студиялар орқали шаҳар-туман ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ва масъул ташкилот вакиллари ҳам йиғилишга уланди.
Йиғилиш давомида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини юқори савияда, хавфсиз ва тартибли ташкил этиш, умумтаълим муассасалари атрофида жамоат тартибини сақлаш, ўқувчи-ёшлар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш ҳамда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, «Қурбон ҳайити» байрами кунларида аҳоли гавжум жойлар, масжидлар, зиёратгоҳлар, бозорлар ва дам олиш масканларида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат тартибини сақлаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, тезкор хизматлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Масъулларга байрам ва тадбир кунларида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бориш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ҳамда ҳар қандай фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида барча мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









