Ўзбекистон делегацияси BOMCA-11 дастурини ишга тушириш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида иштирок этди
2026-05-24 17:20:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20–21 май кунлари Бишкек шаҳрида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастурининг 11-босқичи (BOMCA-11)ни расман ишга туширишга бағишланган мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳаллалар уюшмаси, шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси вакилларидан иборат таркибда иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мақсади минтақавий трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, шунингдек чегараолди ҳудудлар аҳолиси турмуш шароитини яхшилашдан иборат бўлди. Шунингдек, интеграциялашган чегара бошқаруви тамойилларини жорий этиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва гендер мувозанатини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш доирасида иштирокчилар дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари, идоралараро ҳамкорлик механизмлари, шунингдек минтақавий хавфсизлик ва чегараолди ҳудудларни барқарор ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Дастур координатори сифатида Халқаро миграция сиёсати ривожлантириш маркази ҳамкор ташкилотлар — CIVIPOL, ИНТЕРПОЛ, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги билан биргаликда фаолият юритмоқда.



