Тўрт оёқли кўмакчилар. «Тарзан», «Молли», «Блис»...
2026-05-24 15:05:00 / Янгиликлар

Улғайгандаги орзу баъзан болаликдаги ишқибозликдан бошланади. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилиб, вояга етган Жаҳонгир Рўзимуродовнинг касб танлашига болаликдаги оддий қизиқиши сабаб бўлган. Ўсмирлигида «Тарзан» лақабли ити бўларди. Жониворга турли буйруқлар бериб, зеҳни ва итоаткорлигини синовдан ўтказарди. Бу оддий машғулотлар эса кейинчалик унинг тақдир йўлини белгилаб берди.
Вақт ўтиб, қизиқиши Жаҳонгирни Каттақўрғон туманидаги ветеринария техникумига бошлаб келди. Ушбу даргоҳда кинология йўналишида таҳсил олиб, хизмат итлари билан ишлашнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштирди. Амалиётни эса Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмасида ўтади. Ўз қобилияти ва масъулиятлилиги билан устозлар эътиборини қозонди.
Ҳозирда шу бўлинмада кичик инспектор-кинолог лавозимида хизмат қилмоқда. Фаолиятини эндигина бошлаган кезлари унга «Молли» лақабли немис овчаркаси бириктирилган эди. Тўрт оёқли кўмакчисига белгиланган кўникмаларни ўргатишдан олдин адабиётлардан, ижтимоий тармоқлардан бу наслдаги итларнинг имкониятлари, қандай парвариш қилиниши бўйича зарур маълумотларни ўрганди. Шунингдек, бўлинмадаги тажрибали устозлари кўмагида «Молли»га жиноятчини ушлаш, гиёҳвандлик воситаларини қидириб топиш кўникмаларини тез фурсатда ўргатди.
Соҳага кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай тиришқоқлиги, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги билан ҳамкасблари орасида муносиб ўрнини топди. Лавҳамиз қаҳрамони ўз устида мунтазам ишлайди. Шунингдек, билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд давлат университетида сиртдан таълим олмоқда.
Бугунги кунда Жаҳонгир Рўзимуродов ўзининг тўрт оёқли кўмакчиси «Блис» ёрдамида жиноятларни «иссиқ изида» фош этишга ҳисса қўшиб келмоқда. Яқинда «Самарқанд» мунтазам йўл-патруль масканида ЙПХ инспектори одатдаги назорат текшируви учун юк машинасини тўхтатди. Шунда негадир «Блис» безовта бўла бошлади. ЙПХ инспектори ҳайдовчи билан суҳбатлашаётганида, йўловчи бесаранжом бўлаётгани Жаҳонгирда шубҳа уйғотди. «Блис» ҳам важоҳат билан ҳура кетди.
Кинологнинг шубҳалари бекорга эмаскан. Йўловчи текшириб кўрилганида, унинг чўнтагидан гугурт қутиларга солинган қуритилган наша борлиги аниқланди. Лавҳамиз қаҳрамони ва унинг ишончли ҳамроҳи «Блис»нинг ҳушёрлиги туфайли гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланаётган шахснинг қилмишлари фош этилди.
— Хизмат итлари кўмагида жиноят очилиши бир қарашда оддий ҳолга ўхшайди. Аммо бунинг ортида кинологларнинг қанча меҳнати, сабр-тоқати ётган бўлади. Буни ўзим кинолог бўлиб тушундим. Ит — ақлли, сезгир жонивор. У эгасининг ишончини ҳис қилади ва бунга садоқати билан жавоб қайтаради. Шунинг учун ҳақиқий кинологлар ўзларига бириктирилган итларга меҳр, эътибор кўрсатадилар, — дейди Жаҳонгир.
Ўзингиз ҳам сезган бўлсангиз керак, шу сабабдан қаҳрамонимизнинг касбига ҳам меҳри бўлакча. Шунинг учун ўз вазифасини ҳамиша сидқидилдан адо этади. Танлаган касби орқали жиноятчиликка қарши курашишга ҳисса қўшаётганидан фахрланади.
Маҳлиё Холова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти
