Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган «Хавфсиз оила» профилактик лойиҳасининг навбатдаги босқичи якунланди
2026-05-24 12:50:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда вояга етмаганларни ижтимоий мослаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирларга 19 та оила ва 20 нафар вояга етмаган бола жалб қилиниб, улар билан психологик, тиббий ва ижтимоий ишлар олиб борилди. Болалар учун маънавий-маърифий учрашувлар, ҳарбий-ватанпарварлик машғулотлари, экскурсиялар ҳамда спорт ва касб-ҳунар йўналишидаги амалий тадбирлар ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида иштирокчиларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, айрим иштирокчиларга ID-карталар расмийлаштирилди, эҳтиёжманд оилага амалий ёрдам кўрсатилди, аёлларнинг бандлиги таъминланди.
«Хавфсиз оила» лойиҳасининг якуний тадбири тантанали руҳда ўтказилиб, иштирокчиларга сертификатлар, спорт анжомлари ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир болаларда ватанпарварлик, маънавий қадриятларга ҳурмат ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



