Бухоро вилоятидаги болалар оромгоҳларида хавфсизлик ва мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда
2026-05-24 12:45:00 / Янгиликлар

Вилоятимизда жорий мавсумда жами 20 мингдан ортиқ ўғил-қизларни соғломлаштириш кўзда тутилган. Ёш авлоднинг хавфсиз шароитларда дам олишини таъминлаш баробарида, уларни ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбиялаш — ички ишлар органлари ва мутасадди ташкилотларнинг диққат марказида. Мавсум давомида фаолият юритадиган 50 га яқин тўгарак ёшларни руҳан ва жисмонан чиниқтириш, турли салбий иллатлардан асраш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Шу муносабат билан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари бошчилигида ҳудудлардаги тайёргарлик жараёнлари қатъий назоратга олинди. Хусусан, Пешку, Ромитан, Вобкент туманлари ҳамда Бухоро шаҳридаги болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги ётоқхона, ёзги павильон, ювиниш ва санитария тармоғи, ошхона ва тиббиёт хоналари, шунингдек, тўгарак хоналарининг шайлик ҳолати кўздан кечирилди.
Мутасаддиларга оромгоҳлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ички электр ва техник воситаларни тўлиқ кўрикдан ўтказиш ҳамда аниқланган нуқсон ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Болажонларнинг ёзги таътилни бехатар ва кўтаринки руҳда ўтказишлари учун вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



