Маънавий-маърифий тадбир доирасида ИИВ аёл ходимлари Ислом цивилизацияси марказида бўлди
2026-05-23 18:30:00 / Янгиликлар

ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташаббуси билан вазирлик Марказий аппарати ҳамда соҳавий хизматларда фаолият юритаётган 50 нафар аёл ходим учун маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида ходимлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида марказдаги ноёб қўлёзмалар, қадимий экспонатлар, тарихий манбалар ҳамда буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий мероси катта қизиқиш билан кўздан кечирилди.
Иштирокчиларга юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг бебаҳо илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Хусусан, ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ходими, капитан Ҳадича Ўтаеванинг таъкидлашича, марказдаги тарихий манбалар ва экспонатлар орқали илгари китобларда ўқиган, эшитган маълумотларни замонавий технологиялар ёрдамида жонли тарзда кўриш имконияти янада катта қизиқиш уйғотган.
— Бу ерда аждодларимизнинг бой илмий мероси замонавий ёндашувлар асосида намойиш этилгани кишини фахрлантиради. Тарихда ўқиган воқеалар ва алломаларимиз ҳаёти гўёки кўз ўнгимизда жонлангандек бўлди, — дейди у.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ички ишлар органлари ходимларининг дунёқарашини кенгайтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.









