Президент совғаси соҳибаси Фарзона Носирова ва унинг оила аъзоларини Ички ишлар вазири самимий муборакбод этди
2026-05-23 12:00:00 / Янгиликлар

Юртимизда ёш авлоднинг билимли, маънавиятли ва юксак тафаккур соҳиблари бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
“Ёш китобхон” республика танлови ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг муҳим намунаси сифатида юртдошларимиз қалбида алоҳида ўрин эгаллади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва доимий эътибори асосида ўтказилаётган мазкур танловнинг республика босқичида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ёшлар ўз билим ва салоҳиятларини намоён этдилар. Иштирокчиларнинг китобга бўлган меҳри, чуқур тафаккури ва кенг дунёқараши барчада катта таассурот қолдирди.
Танлов 10–14, 15–19 ҳамда 20–30 ёш тоифаларида юқори савияда ташкил этилди. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, Президент совғалари — замонавий электромобиллар ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Бу эса ёшларнинг илм-фан ва китобхонликка бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, Бухоро вилояти Пешку тумани ИИБ профилактика инспектори, майор Насим Боғиевнинг 13 ёшли қизи Фарзона Носированинг ютуғи барчани қувонтирди. У “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси — “BYD Chazor” автомобили билан тақдирланди.
Фарзона Носирова ушбу юксак натижага эришишида ота-онасининг меҳри, тарбияси ва доимий қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутганини алоҳида таъкидлади. Бу ютуқ, аввало, оиладаги маънавий муҳит, китобга бўлган муҳаббат ва илмга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазири давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Фарзона Носирова ва унинг оила аъзоларини самимий муборакбод этди. Уларга келгусида ҳам улкан зафарлар, илм йўлида янги муваффақиятлар тилаб, қимматбаҳо совғалар улашди.
Дарҳақиқат, китоб ўқиган ёш — миллат келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Зеро, маънавиятли, билимли ва ватанпарвар авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс.
“Ёш китобхон” танлови эса ана шундай ёшларни кашф этаётган, уларни янги марралар сари руҳлантираётган муҳим маърифий лойиҳа сифатида аҳамият касб этмоқда.




