Маҳалла тинч — юрт тинч. “Гулистонобод“ — обод гўша
2026-05-22 23:00:00 / Янгиликлар

Ғиждувон туманидаги «Гулистонобод» маҳалласида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ жиноятчилик йилдан йилга камайиб бормоқда. Ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида эса бирорта ҳам жиноят содир этилмади, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса кескин камайди.
Бу билан хотиржам бўла олмаймиз, — дейди профилактика инспектори, капитан Самойиддин Тошполатов. — Айниқса, ёшлар тарбиясига ҳамда оилага оид масалалар ўз вақтида кўриб чиқилмаса, вақтни бой берган бўламиз.
Маҳалла еттилиги аъзолари биргаликда деярли ҳар куни ҳудудни айланиб, фуқаролар билан суҳбатлашамиз. Кўча вакиллари бизни ҳар кунги вазиятдан хабардор қилиб туришади.
Маҳалла раиси Илҳом Қосимовнинг айтишича, Бойхотин қишлоғида яшовчи бир фуқаро рўзғор ташвишию тирикчилигини хотини гарданига юклаб қўйган. Бу ҳам етмагандек, спиртли ичимлик ичиб, уйида жанжал кўтараркан. Профилактика инспекторининг саъй-ҳаракатлари билан у февраль ойида вилоят наркология диспансерига ётқизилди. Айни пайтда ичкиликбозликни ташлаган. Ҳозирда пайвандчилик билан шуғулланаётган экан.
Работипоёнлик Н.М. ҳам спиртли ичимликка ружу қўйган эди. Капитан С. Тошпўлатов олиб борган профилактик ишлар натижасида у тузалиш йўлига ўтиб, новвойчилик қиляпти. Оила аъзолари ва қўни-қўшнилари билан тинч-тотув яшаб келяпти. Рўзғорига ҳам барака кирган.
Самойиддин Тошпўлатов маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни профилактик ишларни олиб боради. Ҳар ойда камида икки маротаба улар билан суҳбат ўтказади.
Шунингдек, оилаларда келишмовчиликларнинг олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хонадонларга имкони қадар ёрдам бериш чораларини кўради. Бунда унга маҳалладаги тадбиркорлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари яқиндан ёрдам беришади.
Қолаверса, илгари ички ишлар органлари тизимида, айнан профилактика инспектори лавозимида фаолият кўрсатган маҳалла раиси билан бамаслаҳат иш тутади.
Нотинч, жанжалкаш оилаларни муросаи мадорага келтириш, турмуш доирасида мунтазам равишда ҳуқуқбузарлик содир қилувчи шахсларни тартибга чақириш йўлида маҳалла еттилиги жонбозлик кўрсатяпти.
Ўтган ойлар давомида 8 та оила яраштирилди ва 6 та оилавий ажримнинг олди олинди. Тазйиқ ва зўравонликдан азият чеккан 7 нафар фуқарога ҳимоя ордери берилди.
Айни пайтда маҳаллада бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, 28-умумтаълим мактаби учун уч қаватли 590 ўринли янги бино қад ростлаяпти. 90 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника учун қўшимча 24 ўринли бино қурилмоқда. Ички йўллар асфальтланяпти, 546 та янги симёғоч ва 3 та трансформаторлар ўрнатилади.
Бугунги кунда «Гулистонобод» маҳалласида бўлган киши ушбу ҳудуддаги осойишталик ва хотиржамликни, аҳоли турмуш даражасининг ошаётганлигини, қолаверса, бунёдкорлигу ободончиликларни кўриб, дили яйрайди.
Бунда профилактика инспектори, капитан Самойиддин Тошпўлатовнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
©️ “Postda” газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.
