Касбидан камол топганлар. Ҳар кўнгилда меҳр унсин
2026-05-21 18:25:00 / Янгиликлар

Пойтахтимизнинг Сергели тумани «Қурувчилар» маҳалласидаги мўъжаз ва шинам хонадонга қадам қўяр эканмиз, димоғимизга райҳоннинг хушбўй ифори урилди. Бу гўзаллик ва орасталик хонадон бекасининг қалб қўридан далолат берса, оила боши Сайдивали Кабуловнинг акаси Абдинаби Кабуловни «Келинг, ака!» дея жигарларга хос меҳр-оқибат, самимият ва очиқ чеҳра билан кутиб олиши бу файзли манзилни янада ёриштириб юборди.
Ички ишлар органларида эл осойишталиги йўлида самарали хизмат қилган ака-укалар билан суҳбатимиз, бевосита уларнинг падарбузруги Абдулла ота билан боғлиқ илиқ хотиралар билан бошланди.
Абдулла ота Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида биринчилардан бўлиб Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этишга отланган. 1945 йилнинг декабрь ойида жангоҳлардаги не-не синов, ўлимларни доғда қолдириб, юртига ёруғ юз билан қайтган қаҳрамонлардан бири бўлган.
Урушдан кейинги машаққатли тикланиш йилларида оддий ишчиликдан раҳбарлик лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган отахон Асолат ая билан қурган аҳил оила қўрғонида уч ўғил ва тўрт қизни камолга етказади. Фарзандлари қалбида илм-маърифатга иштиёқ уйғотиш билан бирга, уларга меҳнатсеварлик ва ҳалоллик каби чин инсоний фазилатларни сингдиришга интилади. Қатъият билан суғорилган ота тарбияси ўлароқ, оиланинг икки ўғли бирин-кетин ички ишлар органларидек масъулияти оғир, аммо шарафли касбни танладилар.
- Отамнинг турли соҳа вакилларидан дўстлари кўп эди, — дея болалик хотираларини эслайди истеъфодаги полковник Абдинаби Кабулов. — Ҳарбий хизматдан қайтган кезларим эди. Уларнинг дўсти Владимир аканинг «Менга касбдош бўласанми?» деган сўзлари қалбимдаги мақсадларимни қатъийлаштирди. Отамнинг «Ҳеч қачон юзимни ерга қаратмайсан, эгнингдаги формага доғ тушурмайсан, ҳалол ва виждонан меҳнат қиласан!» деган қатъий талаби бир умрлик шиоримга айланди. Қарийб ўттиз йиллик хизматим давомида ушбу ақидага амал қилиб, кам бўлмадим, балки ўзим танлаган касбда униб-ўсдим.
Истеъфодаги полковник Абдинаби Кабулов ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда. Унинг ҳар бир йўл-йўриғи, маслаҳати соҳага кириб келаётган ёш ходимлар учун истиқбол йўриқномаси десак, асло муболаға бўлмайди. Қувонарлиси шундаки, айни пайтда ички ишлар органлари соҳавий хизматларида фаолият юритаётган подполковник Бахтиёр Кабулов ҳамда майор Ихтиёр Кабуловнинг қалби қиёфасига ҳам шарафли касб масъулияти кўчган. Бу уларнинг отаси Абдинаби Кабуловнинг изидан муносиб тарзда одимлаётгани мисолида яққол кўринади.
Суҳбатимиз Абдулла отадан мерос маънавий талаблар оиланинг кенжа ўғли Сайдивали Кабулов юрагига кўчиши ҳақидаги хотиралар билан давом этди.
Сайдивали ака 1987 йилда илк хизматини ЙПХ инспектори сифатида бошлагани, айни пайтдаги соҳа ривожи, техник имкониятлар ва ёшлар учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, ҳаваси келишини яширмади. «Мўъжиза юз бериб менга яна имконият берилганида, янада зўр шижоат билан хизмат қилган бўлардим», — дея борлиғига айланган шарафли хизмат борасидаги ҳаяжонга тўла изҳорлари фидойи ходимнинг қалбидаги эл хизмати маёғининг нақадар баландлиги далолати бўлди. Қувонарлиси, бугун ушбу эътиқод маёғи ички ишлар органлари соҳавий хизматларида фаолият юритаётган унинг ўғли, катта лейтенант Саидаббос Кабулов ва келини, сафдор Муножат Кабулованинг фаолиятида ҳам акс этмоқда. Улар бир-бирига оилада, хизматда ҳам қўшқанот бўлиб келмоқда.
Фидойи фахрий ходимнинг сафдорликдан то Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи лавозимигача бўлган 35 йиллик хизмат йўли ибрат мактабидир. Подполковник унвонида, ёруғ юз билан пенсияга кузатилган бу инсондаги камтарлик ва самимият алоҳида таҳсинга лойиқ. Унинг меҳрибон ва ширинсўз аёли, шифокор Сурайё опа билан биргаликда тарбиялаган қизлари Шаҳнозахон ва Маликахонларнинг жамиятда ўз ўринларини топгани, бир биридан ширин набираларининг шўхликлари, беғубор кулгилари оила бахти ва тўкислигининг ёрқин ифодасидир.
Ҳар бир сўзида ҳаёти ва меҳнатидан розилик туйғуси акс этиб турган Сайдивали Кабулов яқин кунларда 60 ёшини қарши олади.
Сайдивали Кабулов хонадонида дилдан суҳбат қуриб ортга қайтар эканмиз, меҳр унган кўнгилда нафақат маҳорат, балки мустаҳкам оқибат аксланишига яна бир бор амин бўлдик. Кабуловлар сулоласи мисолида биз нафақат касбий ворисликни, балки оилавий қадриятларнинг авлоддан-авлодга безавол ўтганини кўрдик. Бу катта оила вакилининг ҳар бир муваффақияти замирида ота ўгитига садоқат, ака-ука ўртасидаги меҳр ва касбга бўлган чексиз ҳурмат мужассам. Ниятимиз, ҳамиша эзгу мақсадлар қаршисида, ҳар кўнгилда ана шундай чексиз меҳр унсин.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. “Постда”
