Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
2026-05-21 17:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “Рақамли технологиялар асосида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти, Тошкент шаҳар ИИББ Рақамли технологиялар бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бўлими, ИИВ Тошкент минтақавий ўқув марказининг касбий тайёргарлик цикли, Тошкент вилояти ИИББ Қибрай туман ИИБ Тергов бўлими, Тошкент шаҳар ИИББ Киберпрофилактика бўлими, Тошкент шаҳар ИИББ Яшнобод тумани ИИО ФМБ Киберпрофилактика бўлинмаси, Самарқанд вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Конференция доирасида рақамли технологиялар орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг замонавий кўринишлари, кибержиноятчиликка қарши курашиш механизмлари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳада халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда сўз олган мутахассислар томонидан рақамли муҳитда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот хавфсизлиги маданиятини юксалтириш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Конференция якунида соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, инновацион ечимларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда давлат органлари ва илмий жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим хулосалар ишлаб чиқилди.
ИИВ Малака ошириш институти



