Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳридаги ADNEC халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган хавфсизлик ва барқарорликка бағишланган халқаро саммитда иштирок этмоқда
2026-05-21 08:35:00 / Янгиликлар

Саммит доирасида делегация аъзолари глобал хавфсизлик, келажак хавфсизлик тизимлари ва истиқболли таҳлил масалаларига бағишланган стратегик муҳокамаларда қатнашмоқда. Шунингдек, криминоген вазиятларга тезкор жавоб қайтариш, CBRN таҳдидларига қарши ҳаракатлар ва хавфсизлик соҳасида инновацион ёндашувларга бағишланган амалий сессияларда иштирок этиш режалаштирилган.
Тадбир давомида сунъий интеллект, рақамли таҳлил, технологик жиноятларга қарши курашиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди. Шу билан бирга, халқаро экспертлар ва технологик компаниялар билан замонавий хавфсизлик инфратузилмаларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур халқаро тадбирдаги иштироки соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни миллий амалиётга жорий этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.







