Она изидан. Подполковник қизининг орзуси
2026-05-21 08:45:00 / Янгиликлар

Болалигимдан онамнинг хизмат кийимида юришларига ҳавас билан боқардим, у мен учун доимо олижаноблик, нафосат ва букилмас ирода тимсоли бўлиб келган. Онамнинг ўз бурчига садоқат билан ёндашиши ва фидокорона хизмати мени ҳамиша ҳайратга соларди. Айнан унинг матонати, берган ўгитлари, тўғри тарбияси характеримни шакллантириб, қийинчиликларни сабот билан енгишга ўргатди.
ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейига ўқишга киришим оилавий анъанамизнинг мантиқий давоми бўлди — мен онам, Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ Миграция ва персоналлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Юлдуз Азизова изидан боришни мақсад қилдим.
Келажакда етук ходим бўлиб шаклланишим спорт ва жанговар тайёргарлик билан чамбарчас боғлиқ. «Қалқон» жанговар тайёргарлик гуруҳи аъзоси сифатида, республика мусобақаларида жамоамиз билан фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, лицейимиздаги тайёргарлик тизими мамлакатимизда энг яхшиларидан бири эканини исботладик. Яқинда бўлиб ўтган республика спартакиадасида кўпкураш бўйича учинчи ўринни эгаллаганим эса мен учун муҳим шахсий натижа бўлди. Бу билан соҳада нафақат йигитлар, балки қизлар ҳам куч-қувват, чидамлилик ва ирода борасида ҳеч кимдан қолишмаслигини яна бир бор тасдиқладим.
Лицейимиз билим, интизом, масъулият мактабидир. ИИВ Академиясига етакловчи ушбу масканда таҳсил олаётганимдан фахрланаман. Ишонаманки, ҳали олдинда кўплаб ғалабалар кутмоқда ва ҳар бир ютуғим онамнинг менга бўлган ишончи ҳамда кўрсатган юксак ўрнаги учун миннатдорлигим рамзидир.
Рисолат АЗИЗОВА,
ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчиси.
