Қўриқлаш хизмати фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
2026-05-20 18:20:00 / Янгиликлар

Қўриқлаш бўлинмалари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, маъмурий амалиёт йўналишидаги ишларни тўғри ташкил этиш, хизмат вақтида замонавий ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасидаги фаолиятни такомиллаштиришга бағишланган ИИВ соҳавий хизматлари раҳбарлари иштирокида семинар-ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Қўриқлаш департаменти бошлиғи Қ.А.Шодибеков раҳбарлигида ташкил этилган машғулотда қўриқлаш бўлинмалари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, маъмурий амалиёт йўналишидаги ишларни тўғри ташкил этиш, хизмат жараёнида замонавий ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда қўриқлаш бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришда шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, ҳуқуқий билими, амалий кўникмалари ва хизмат интизоми муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлашда ҳар бир ходимнинг вазиятга тўғри баҳо бериши ҳамда қонун талаблари асосида ҳаракат қилиши зарурлиги қайд этилди.
Машғулот давомида ИИВ соҳавий хизматлари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, хизмат фаолиятини тизимли ташкил этиш, маъмурий амалиёт ҳужжатларини қонунчилик талабларига мувофиқ юритиш, амалга оширилган ишлар бўйича умумлаштирувчи натижаларни шакллантириш ҳамда улар асосида мавжуд ҳолатни таҳлил қилиб бориш юзасидан тушунтиришлар берди.
Шунингдек, хизмат самарадорлигини оширишда замонавий ахборот тизимларидан кенг фойдаланиш, маълумотларни тезкор алмашиш, таҳлил ва назорат ишларини рақамли ечимлар орқали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва мақсадли фойдаланиш жойлардаги ишларни аниқ режа асосида олиб боришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда маъмурий амалиётни юритишда қонунийлик, холислик ва масъулиятни таъминлаш, фуқаролар билан мулоқот маданиятини янада юксалтириш, ходимларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ўқув-амалий машғулотларни тизимли давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида Қ.А.Шодибеков масъул раҳбарларга қўриқлаш бўлинмаларида хизматни самарали ташкил этиш, соҳавий йўналишларда амалга оширилаётган ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, умумлаштирувчи натижалар асосида аниқ чора-тадбирлар белгилаш ҳамда шахсий таркибнинг касбий маҳоратини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.


