Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи томонидан Бухоро туманида ўтказилган сайёр қабулда қатор мурожаатлар ижобий ҳал этилди
2026-05-20 17:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20 май куни Бухоро тумани «Шергирон» МФЙ биносида Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи иштирокида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, вилоят ички ишлар органлари ходимлари учун ташкил этилган ушбу очиқ мулоқот халқ дарди билан яшашнинг ёрқин амалий ифодаси бўлди.
Ушбу жараёнда ҳар бир масалага инсон тақдири нуқтаи назаридан ёндашилиб, аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бош мақсад қилиб олинди. Самимий руҳда кечган тадбирда 15 га яқин фуқаронинг суд-ҳуқуқ ва кундалик турмуш билан боғлиқ мурожаатлари батафсил эшитилди. Бу мулоқот майдони одамларни безовта қилаётган турли ижтимоий ва маиший муаммоларга қонуний ва тезкор ечим топиш имконини берди.
Қабулга келганларнинг аксарияти ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, аҳоли гавжум ҳудудларда светофор ва пиёдалар ўтиш жойларини ўрнатиш бўйича ўз таклиф ҳамда мурожаатларини билдирдилар. Шунингдек, фуқаролар томонидан ишга кириш масалалари, пробация ҳисобида турувчи шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий муаммолар кўтарилди. Бундан ташқари суриштирув ҳамда дастлабки тергов жараёнларининг холислигини таъминлашга оид эътирозлар ҳамда кундалик турмушда учрайдиган бошқа турли масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мулоқотнинг эътиборли томони шундаки, билдирилган муаммоларнинг аксарияти бошқарма бошлиғининг аралашуви билан шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо бериш талаб этиладиган мураккаб ҳолатлар юзасидан тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилган бу каби сайёр қабуллар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий намунаси ҳисобланиб, халқ ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир









