Маънавий-маърифий тадбир. Қаҳрамонлар ёди барҳаёт
2026-05-19 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Академиясида хизмат бурчини ўташ чоғида мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг ёрқин хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ички ишлар органлари тизими фахрийлари, марҳумларнинг оила аъзолари, профессор-ўқитувчилар, курсантлар, академик лицей ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари қатнашди.
Тадбир аwалида академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўз олиб, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ҳар бир инсон, аввало, она Ватани олдидаги масъулиятини чуқур ҳис қилиши, юрт ҳимояси учун доимо шай туриши, қаерда бўлмасин, юксак дахлдорлик ва фидойилик ҳисси билан яшаши лозимлигини қайд этди.
Хотира кечасида миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги машаққатлар, осуда ҳаётимизга кўз тиккан ғараз ниятли кимсаларга қарши мардонавор курашган ички ишлар органлари ходимларининг умр йўли ва ибратли фазилатлари ёдга олинди.
Истеъфодаги генерал майорлар — Тоҳир Муллажонов ва Мирсамад Адилов ўз хотиралари билан ўртоқлашар экан, тақдир чорраҳаларида елкама-елка хизмат қилган ҳамкасбларининг мардлигини эътироф этдилар.
Айниқса, сурхондарёлик марҳум Аҳмад Қурбоновнинг укаси Асрор Қурбоновнинг самимий сўзлари йиғилганлар қалбини жунбишга келтирди: «Академия остонасига қадам қўйишим билан юрагимни ажиб бир ҳис чулғади.
Раҳматли акамнинг ушбу даргоҳда ўтказган ёшлик онлари, лейтенант унвонини олган бахтиёр кунлари ва кўркам формада мағрур юришлари кўз олдимда гавдаланди.
Афсуски, бевақт ўлим уларни орамиздан эрта олиб кетди, бироқ акамдан ўчмас ном ва жасоратга тўла хотира қолди».
Тадбир доирасида Академия раҳбарияти ташаббуси билан чоп этилган «Сўнмас жасорат» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тошкент милиция мактаблари ва ИИВ Академиясини тамомлаб, хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳамкасбларнинг умр йўлига бағишланган ушбу мажмуа хайрли ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
©️ “Postda” газетаси, Жамшид Холов, майор.
