Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Хива шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида йиғилиш ўтказилди
2026-05-19 10:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 май куни Хива шаҳар ҳокимлигида ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини янада оширишга қаратилган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда шаҳар Кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан Боғот тумани ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган подполковник Эргаш Ахмедов Хива шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганлиги расман эълон қилинди.
Мазкур тайинлов шаҳарда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ташкилий қарор сифатида баҳоланди.
Йиғилишда сўз олган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов томонидан шаҳардаги криминоген вазият атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омиллари, уларни барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, профилактика тадбирларининг самарадорлиги ҳамда бу борадаги мавжуд муаммолар атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлашда соҳавий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янада ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўз навбатида, Хива шаҳар ҳокими Темурбек Давлетов сўзга чиқиб, илгари шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилган подполковник Ботир Отажановнинг жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш борасидаги фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди.
У шаҳар аҳолиси номидан Ботир Отажановга самимий миннатдорчилик билдириб, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Шу билан бирга, янги тайинланган раҳбар — Эргаш Ахмедов зиммасига юклатилган вазифаларга тўхталиб ўтилиб, унга иш фаолиятида омад ва юқори натижалар тилаб қолинди.
Таъкидланганидек, янги раҳбардан жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва замонавий профилактика механизмларини жорий этиш борасида аниқ натижалар кутилади.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъул идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши белгиланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати




