Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Гурлан туманида криминоген муҳитни барқарорлаштириш масалалари муҳокама этилди
2026-05-19 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 май куни Гурлан туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари раҳбарлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишга Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов ҳамда туман ҳокими Руслан Ўразбаев раислик қилди.
Йиғилиш кун тартибидан ўрин олган асосий масала — ташкилий ўзгаришлар бўлиб, унга кўра ички ишлар тизимида хизмат қилиб келаётган тажрибали раҳбар, подполковник Ботир Отажанов Гурлан тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинлангани расман эълон қилинди.
Ушбу тайинлов Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ амалга оширилгани таъкидланди. Ботир Отажанов бунга қадар Хива шаҳар ИИБ бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритиб, ўзининг ташаббускорлиги ва амалий натижалари билан танилган.
Йиғилиш давомида вилоят ИИБ бошлиғи томонидан тумандаги криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятчиликка қарши курашишда амалга оширилаётган ишлар танқидий-амалий руҳда кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини манзилли ташкил этиш, аҳоли билан яқин мулоқотни кучайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Президент қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, бу борадаги камчиликлар ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилди.
Алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири — Чилонзор тумани ва Мирзо Улуғбек тумани тажрибаларини ҳудудда жорий этиш масаласи бўлди.
Ушбу туманларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш тизимини такомиллаштириш, профилактик чора-тадбирларни аниқ манзил асосида ташкил этиш бўйича эришилган ижобий натижалар Гурлан туманида ҳам татбиқ этилиши зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан янги тайинланган туман ИИБ бошлиғи Ботир Отажанов ўзининг устувор вазифалари ва стратегик режалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, асосий эътибор жиноятларнинг олдини олишга, аҳоли хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқбузарликларнинг илдизини бартараф этишга қаратилади.
Шу билан бирга, ҳар бир маҳалла кесимида профилактика ишларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, масъул идора ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди.
Уларнинг ижросини таъминлаш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш бўйича қатъий назорат ўрнатилиши қайд этилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати




